Британия расмийлари Гулнора Каримованинг қиймати 25 млн доллардан ошган мулкини мусодара қилди
Ўта йирик миқдордаги фирибгарликка қарши кураш бюроси (Serious Fraud Office) Буюк Британиядаги Гулнора Каримовага қарашли учта кўчмас мулк объектини мусодара этди. Бу ҳақда SFO’нинг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёйинланган баёнотида айтилган.
Бу ерда гап Лондоннинг Белгравия мавзеида жойлашган иккита квартира ҳамда Суррей графлигидаги ҳашаматли уй ҳақида боряпти. Уйлар қиймати 20 миллион фунт стерлингдан кўпроққа (тақрибан 25 миллион 600 минг АҚШ доллари) баҳоланмоқда.
SFO қайдича, мазкур кўчмас мулк объектларини Гулнора Каримова ва унинг оиласи “Ўзбекистондаги коррупцион фаолиятдан тушган даромад” эвазига сотиб олган.
“SFO Каримова 2004 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда Ўзбекистондаги бозорга киришга ёрдам бергани эвазига телекоммуникацион ширкатлардан пора ўлароқ юзлаб миллион доллар олганини иддао қилиб келмоқда”, дейилган баёнотда.
SFO Каримованинг Британиядаги мазкур уч кўчмас мулк объекти дохил активларини мусодара қилишга оид даъво аризаси билан судга 2018 йилнинг октябрь ойида мурожаат қилган. Буюк Британия Олий суди жорий йилнинг 8 августида мазкур даъвони қаноатлантириш ҳақида ажрим чиқарган.
Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2019 йил баҳоридан буён Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаяпти. 2020 йил март ойида Олий суд жиноий гуруҳ тузиш, товламачилик, талон-торож ва бошқа моддаларга оид иш бўйича Каримовани 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлардаги Гулнора Каримовага алоқадор бўлган мулкларнинг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўзбекистон ҳукумати мазкур активларнинг бир қисмини қайтариб олишга уриниб келмоқда.