Деҳли аэропортида 5,3 кг олтинни олиб ўтаётган Ўзбекистон фуқаролари ушланди
Деҳли шаҳридаги халқаро аэропортда 8 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Улар умумий оғирлиги 5,3 килограмм, қиймати қарийб 35 минг АҚШ доллари бўлган 50 та тилла занжирни мамлакатга ноқонуний тарзда олиб кириш вақтида қўлга олинган. Бу ҳақда Божхона департаментига таяниб, маҳаллий нашр хабар берди.
Маълум қилинишича, Деҳли шаҳридаги Индира Ганди номидаги халқаро аэропортда ҳиндистонлик божхоначилар олтин контрабандаси билан шуғулланишда гумонланаётган саккиз нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган. Операция натижасида қиймати 2,92 миллион рупий (35 минг АҚШ доллари )га тенг тилла занжирлар мусодара қилинган.
Қайд этилишича, уч нафар аёл 15 август куни Тошкентдан етиб келган ва божхона ходимлари томонидан тўхтатилган. Уларнинг юклари кўздан кечирилганда, қўл юкининг орқа қисмига маҳкамланган ичи бўш металл қутига яширилган, умумий оғирлиги 5,3 килограмм бўлган 50 та тилла занжирлар топилган.
Текширувдан сўнг, саккиз нафар йўловчи зудлик билан ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси ўзбекистонлик экани айтилмоқда.
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.