“Samsung A32” қимматга тушди
Тошкент шаҳри, Бектемир туманида яшовчи 19 ёшли М.А. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 1.030.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида яшовчи 18 ёшли И.С. содир этганлиги аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, И.С. “OLX” платформасида “Samsung A32” русумли телефон қурилмаси сотилади дея ёлғон эълон жойлаштирган ва бу эълонга ишонган М.А. билан “Телеграм” мессенжерида танишиб, уни алдаб, олдиндан 1.030.000 сўм миқдоридаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказдириб олган ва берган ваъдасини бажармасдан, ёзишмаларни ўчириб юбориб, алоқани узиб қўйган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, И.С.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.