Ўзбекистонда уч кундан бери ер қимирлаши қайд этилмоқда
Ўзбекистоннинг саккизта вилоятида 28 август куни ер қимирлагани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази хабар берди.
Соат 09:35 да юз берган зилзила маркази Тошкентдан 539 километр жануби-шарқда - Афғонистонда бўлган. Чуқурлиги 200 километрда қайд этилган зилзила кучи эпимарказда 5,4 баллни ташкил қилган.
Зилзила Сурхондарё вилоятида 3 балл, Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида 2−3 балл, Андижон, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 2 балл кучланишда сезилди.
Ўзбекистонда 26 августдан бери ҳар куни ер қимирлашлари қайд этилмоқда. 27 август куни соат 03:11 да Андижон вилоятида зилзила бўлгани хабар қилинди. Ер қимирлаши Жалақудуқда 3 балл, Қўргонтепа, Хўжаобод ва Андижон туманларида — 2−3 балл, Булоқбоши, Хонобод тумани ва Андижон шаҳрида 2 балл бўлди.
26 август куни соат 6:55 да Жиззах вилоятида 3,6 балл кучланишдаги зилзила юз берган эди.