Раҳбарингиз маошингизни кечиктирса, жавобгарликка тортиладими?
Ҳамма меҳнати учун муносиб ҳақ олишни истайди. Меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, қоидалари қандай? Масалан, ойлик кечикса жавобгарлик борми? Иш ҳақи натура шаклида берилиши мумкинми? Ўртача ойлик қандай ҳисоблаб чиқилади? Hudud24.uz меҳнатга ҳақ тўлашнинг қонуний асослари ҳақида маълумот беради.
Қисқартирилган иш вақтида ишлаганда ҳақ тўлиқ тўланадими?
Қисқартирилган иш вақти шароитларида ишлаётган ходимларнинг иш ҳақи нормал иш вақти учун белгиланган тўлиқ ҳажмда тўланади.
Ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи кимларга берилади?
Ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига ёки ходим вафот этган кунда марҳумнинг қарамоғида бўлган шахсга берилади. Иш ҳақи иш берувчига тегишли ариза, ходимнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси берилган ҳамда унинг асл нусхаси тақдим этилган кундан эътиборан етти кундан кечиктирмай тўланади.
Иш ҳақи натура (моддий) шаклида берилиши мумкинми?
Меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланади, бироқ Ҳукумат қарорида истисно бўладиган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин.
Ўртача иш ҳақи қандай ҳисоблаб чиқилади?
Барча ҳоллар учун ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бунда тегишли ойнинг 1-кунидан 30 (31)-кунига қадар (февралда — 28 (29)-кунга қадар) бўлган давр охирги кунни ҳам қўшганда календарь ой деб ҳисобланади.
Тўлиқсиз иш вақтида меҳнатга ҳақ тўлаш қандай бўлади?
Тўлиқсиз иш вақтида (тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси, тўлиқсиз иш кунининг ва тўлиқсиз иш ҳафтасининг қўшилиши) ишлайдиган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ишлаб берилган вақтига мос равишда ёки ҳақиқатда ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб амалга оширилади.