Ўзбекистон йил бошидан буён Қозоғистондан рекорд кўрсаткичда ун импорт қилди
Жорий йилнинг январь-июль ойларида Қозоғистон Ўзбекистонга 308,4 минг тонна буғдой уни сотган. Асосан қишлоқ хўжалигига оид янгиликларни тарқатувчи АПК-Информ агентлиги хабарига кўра, бу сўнгги 5 йил ичида энг юқори кўрсаткичдир.
Статистик маълумотларга мувофиқ, ўтган йилнинг илк етти ойида Қозоғистон Ўзбекистонга 218,3 минг тонна ун экспорт қилган. Бу эса ун етказиб бериш бўйича жорий йилдаги кўрсаткич 30 фоиз ошганини англатади.
Агентлик қайдича, Қозоғистондан Ўзбекистонга етказиб берилаётган ун ҳажми ойдан-ойга ошиб бормоқда. Хусусан, июль ойида мамлакатга 49,74 минг тонна буғдой уни келтирилган бўлиб, бу июнь ойидаги кўрсаткичдан 36 фоизга кўп.
Ўзбекистон Қозоғистондан энг кўп ун сотиб олувчи давлатлар орасида иккинчи ўринни эгаллайди. Қозоқ уни импортёрлари орасида биринчи ўринда Афғонистон турибди. Ўзбекистон буғдой унини Қозоғистондан ташқари асосан Россиядан сотиб олади.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон жорий йилнинг январь-май ойларида Қозоғистондан энг кўп буғдой сотиб олган мамлакатга айлангани ҳақида хабар қилган эди.