Япониядан Ўзбекистонга дронлар олиб келинади
Ўзбекистонлик олимлар Тоттори университети тадқиқотчилари томонидан Япониянинг SATREPS дастури бўйича жалб этилган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант лойиҳаси доирасида шартномада кўрсатилган ускуналар республиканинг белгиланган ҳудудларига олиб келиб ўрнатилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг хабар беришича, Оролбўйи минтақасида тупроқ шўрланишига қарши кураш, ер унумдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг ва назорат қилишнинг янги технологияларини ишлаб чиқишга қаратилган Япония ҳукумати томонидан молиялаштириладиган мазкур грант лойиҳаси шартларига кўра Япония томонидан моддий-техник база билан таъминлаш назарда тутилган.
Қайд этилишича, бугунги кунга қадар олиб келинган ускуналар тупроқ таркибидаги туз миқдори, тупроқда туз ва сув тақсимотини, сув сифатини назорат қилиш, геоахборот тизими маълумотларини ва метеорологик кузатувларни таҳлил қилишга мўлжалланган. Станциялар тажрибасида қайси галофитлар оқсил ва тузни қанча муддатда ўзлаштиришини аниқловчи қимматли маълумотларни олиш имкониятини беради.
Шунингдек, дастур доирасида 2023 йил якунига қадар Япония томонидан 300 минг АҚШ доллари миқдорида объектларни масофадан ўрганувчи дронлар, иқлим ўзгаришини ва ҳаво намлигини таҳлил қилувчи инновацион метеостанциялар ҳамда дарё сувлари баланси ва сифатини аниқлаб берувчи қурилмалар олиб келиш ва республиканинг белгиланган ҳудудларига ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.