Пашинян: Арманистон хавфсизлигини Россияга ишониш стратегик хато
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Италиянинг La Repubblica нашрига берган интервьюсида мамлакатнинг хавфсизлик бўйича Россияга қарам қилиб қўйилгани “стратегик хато” бўлгани ҳақида гапирди. Мазкур интервью 3 сентябрда Арманистон телевиденияси орқали намойиш этилди.
Пашинян Россиянинг Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар кучларини ҳам танқид қилди ва уларни ўз вазифаларини бажара олмаётганликда айблади.
“Арманистон хавфсизлик архитектурасининг 99,99 фоизи Россия билан боғлиқ эди, жумладан, қурол ва ўқ-дори масаласида ҳам. Аммо бугунги кунда Россиянинг ўзи қурол ва ўқ-дорига муҳтож, аниқки, Россия хоҳлаган тақдирда ҳам, Арманистоннинг хавфсизлик соҳасидаги эҳтиёжларини қаноатлантира олмайди”,- деди Пашинян.
Бош вазирга кўра, Ереван бундай “стратегик хатонинг аччиқ меваларини тотиб кўргани”дан сўнггина ўз хавфсизлик стратегиясини ўзгартириш ҳаракатини кўрмоқда.
Москва Пашиняннинг бу интервьюсига ҳозирча муносабат билдирмади.
2022 йил 23 ноябрда Никол Пашинян Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Ереванда ўтган саммитида КХШТ коллектив хавфсизлик Кенгаши декларациясини ва Арманистонга кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорликдаги чоралар тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашдан бош тортган эди. Ўшанда Пашинян КХШТни Озарбайжонни “Арманистоннинг босиб олинган ҳудудларидан аскарларини олиб чиқиб кетишга” мажбурлашни талаб қилганди.
КХШТга Арманистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларусь аъзо давлат ҳисобланади.
Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни ўзига қайтарди.