АҚШ қирғизистонликлар учун виза бериш тартибини енгиллаштиради
Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Шакиев қирғизистонликларга АҚШ визасини бериш масаласи бўйича тез орада ижобий қарор қабул қилинишини билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.
“АҚШ элчихонаси ва расмийлари билан музокаралар олиб борилмоқда, яқин ойлар ичида бу борада ижобий қарор қабул қилинади. Фуқароларимизга виза бериш тартибини енгиллаштиришади ва бу муддатни 5-10 йилга узайтиришади. Худо хоҳласа, масала тез орада ҳал бўлади”, деган Шакиев парламентнинг 7 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида.
Бу гапларни Нурланбек Шакиев депутат Суюнбек Ўмурзақовнинг АҚШдаги ОТМларга кираётган қирғизистонликлар бутун ўқиш даври учун эмас, балки фақат бир йилга виза олаётганига оид мурожаатига жавобан айтган. Ўмурзақов талабалар виза муддатини чўздириш учун ҳар йили Қирғизистонга қайтишга мажбур бўлаётгани, бу эса ноқулайлик туғдираётгани ҳақида шикоят қилаётганларини қайд этган.
2022 йил сентябрида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг АҚШ ва Канададаги элчиси Бақит Аманбаев АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Брайан Стиммлер билан учрашувда Қўшма Штатлардан виза бериш тартибини осонлаштириш ҳамда туристик виза муддатини 5 йилдан 10 йилгача узайтиришни илтимос қилгани ҳақида маълумот тарқатган эди. Элчи АҚШ олийгоҳларига кирган қирғизистонлик талабалар учун виза расмийлаштириш тартибини соддалаштиришни ҳам сўраган.
Кейинроқ АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси визани кутиш вақтини қисқартириш учун барча имконлар ишга солинаётганини билдирган эди.