Ўзбек божхоначилари мамлакат ҳудудида 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси қўлга олинганини иддао қилмоқда
“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона мажмуасининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 8,5 тонна кўкнор сомони борлиги аниқланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Давлат божхона қўмитаси бу борада ДХХ билан биргаликдаги амалиёт қайси санада ўтказилганига аниқлик киритган эмас.
Қўмита қайдича, божхона кўриги давомида ҳужжатларда қандолат кўкнори деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнор сомони топилган - бу эса божхона хизмати органларининг сўнгги 30 йиллик тарихида гиёҳвандлик воситалари фош қилиниши бўйича энг йирик кўрсаткичдир.
Мазкур юк Ўзбекистонга ҳаво йўли орқали хориждан олиб келиниб, сўнгра автотранспорт воситаси орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилгани урғуланган.
Хабарномада Вазирлар Маҳкамасининг икки қарорига биноан кўкнор сомони Ўзбекистон ҳудудида муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик моддаси ҳисобланиши қайд этилган.
“Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди”, дейилган божхона қўмитаси хабарномасида.