Ўзбекистон ташқи ишлар вазири АҚШга ташриф буюрди
2023 йилнинг 3-7 сентябр кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация ташриф билан АҚШда бўлди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири АҚШ Президентининг махсус ёрдамчиси Николас Берлинер, Нью Йорк мери Эрик Адамс, АҚШ Сенатининг Ички хавфсизлик ва ҳукумат ишлари бўйича қўмитаси раиси Гари Питерс, Жаҳон банки вице-президенти Антонелла Бассани ҳамда АҚШнинг бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Музокаралар чоғида турли йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида ахборот-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон-Америка ИТ-ассоциацияси “TechBridge” лойиҳасига старт берилди.
Ўзбекистон делегацияси АҚШ Конгресси кутубхонаси биносида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ҳам иштирок этди.