Расман: Энергетика субсидиялари учун йилига камида 1 миллиард доллар сарфланмоқда
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги йилига энергетика учун ажратилаётган субсидиялар миқдори 1 миллиард доллардан ошганини ва бу жараён давом этадиган бўлса энергетика соҳасини ривожлантириб бўлмаслигини маълум қилди.
Вазирликнинг расмий сайтида билдирилишича, истеъмолчига 1 киловатт-соат электр энергиясини етказиб бериш таннархи 970 сўмни, бир кубометр газнинг таннархи 1890 сўмни ташкил қилмоқда. Аҳоли эса электр энергиясининг 1 киловаттига 295 сўм, газ учун 380 сўм тўламоқда.
“Агар бир оила ойига ўртача 200 кВт/соат электр энергияси ишлатса, бу абонент учун тўланадиган субсидия ойига 135 минг сўмни, йилига 1,62 миллион сўмни ташкил қилади. Ўзбекистон электр тармоқлари 7,4 миллион абонентга эга”, дейилади расмий билдирувда.
Вазирликнинг таъкидлашича, иситиш мавсумида газнинг ўртача истеъмоли 750 куб метрни ташкил қилади. Бугунги тарифлардан келиб чиқиладиган бўлса мавжуд бўлган газлаштирилган 4,1 миллион хонадоннинг ҳар бирига ажратилаётган субсидия миқдори 1, 132 миллион сўм бўлмоқда.
“Энергетика соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган субсидияларнинг умумий миқдори йилига 14 триллион сўм ёки 1,15 миллиард доллар. Биргина электронергияси учун йилига 11,98 триллион сўм сарфланмоқда”, дейилади вазирлик билдирувида.
Энергетика вазирлигининг мазкур билдируви Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 1 октябрдан коммунал хизматлар нархини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги қарорни қабул қилгани ортидан эълон қилинди.
Мазкур қарорга асосан 1 октябрдан тадбиркорлик субъектлари учун электр ва газ нархи қимматлайди. Биринчи ва иккинчи гуруҳга киритилган юридик шахслар 1 киловатт электр учун ҳозирги 450 сўм ўрнига мос равишда 900 ва 1000 сўмдан, газнинг 1 куб метри учун ҳозирги 660 сўм ўрнига 1500 сўмдан 1800 сўмгача ҳақ тўлайди. Аҳоли учун тарифлар эса ҳозирча ўзгаришсиз қолмоқда.
11 сентябрда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аҳоли учун 2024 йилдан бошлаб газ ва электр ҳақи ижтимоий нормалар асосида кўтарилиши режалаштирилаётганини билдирган эди.
Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери куз ва қиш мавсумида энергетик инқироз кузатиб келинади. Озодлик радиоси электр ва газ таъминотидан норози аҳоли намойишларга чиққани ва йўлларни тўсиб қўйгани тўғрисида ўзининг Zimiston лойиҳасида маълумот бериб келган. Жорий йилда эса энергетик инқироз баҳор ва ёз мавсумларида ҳам юзага келди.