НАТО бош котиби Анқарадаги террорни қоралади
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Анқарада Ички ишлар вазирлиги биносига қилинган террор ҳужумини қоралади.
У 1 октябрь куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида: “НАТО террорчиликка қарши курашда Туркия билан бирдам”, - деб ёзди.
Аввалроқ Туркия президенти Эрдўғон парламентда сўзлаган нутқида: “Мамлакат ичида ва ташқарисида энг охирги террорчи йўқ қилинмагунига қадар курашимизни давом эттирамиз”, - деб айтган эди.
1 октябрь куни Туркия Ички ишлар вазирлиги биноси олдида худкуш ўзини портлатиб юборган эди. Расмий маълумотда худкушнинг шеригини полиция отиб ўлдиргани айтилади. Ҳужум оқибатида икки полициячи яраланди. Ҳукумат бу ҳодисани террор сифатида баҳолади.
Интернетда пайдо бўлган видеоларда вазирлик олдига келиб тўхтаган автомашинадан бир киши чиққани ва бинога кирилувчи жойда ўзини портлатгани акс этган. Мазкур ҳужум учун масъулиятини ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.