Тоғли Қорабоғ расман Озарбайжон ҳудуди деб тан олди
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа сиёсий ҳамжамиятининг Гранада (Испания) саммити доирасида Озарбайжоннинг 86,6 минг кв. км. ҳудудини тан олиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Озарбайжоннинг бу ҳудуди Тоғли Қорабоғ ерларини ўз ичига олади.
Декларация Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел, Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шолц ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонидан имзоланган.
«Томонлар Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши, суверенитетни, чегаралар ва Арманистон ҳудуди (29800 кв.км.) ва Озарбайжон ҳудуди (86600 кв.км.) дахлсизлигини тан олиш тарафдори», — дейилади декларацияда.
Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев саммитда иштирок этмади. Озарбайжоннинг APA агентлиги дипломатик манбага таяниб, томонлар Туркиянинг саммитда иштирок этишига рухсат бермагани учун Озарбайжон музокарадан бош тортганини хабар қилди.
Бироқ кейинроқ Озарбайжон президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳажиев Озарбайжон президенти Брюсселда Арманистон ва Европа Иттифоқи билан учтомонлама музокараларга тайёр эканини айтди.
Маълумот учун: 19-20 сентябрь кунлари Озарбайжон қўшинлари Тоғли Қорабоғ ҳудудини «аксилтеррор чоралари» натижасида тўлиқ назоратга олди. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси 2024 йил 1 январдан ўз фаолиятини тўхтатади. Бу фармонни унинг президенти Самвел Шаҳраманян имзолаган. Қорабоғ қуролли кучлари ҳам тарқатиб юборилди.
Тоғли Қорабоғда яшаган 125 мингга яқин аҳолининг кўпчилиги ҳудудни тарк этиб, Арманистонга ўтди. БМТ маълумотларига кўра, минтақада улардан 50 дан 1000 га яқин арман қолган.