Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ижтимоий фойдали дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилишида ижтимоий шериклик ҳамда халқаро ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташқи манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш ҳамда ташқи манбалардан молиялаштириладиган лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорда республика ижро этувчи ҳокимият органлари 2023 йил 15 октябрга қадар, 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 1 январга қадар нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул этиб белгиланган раҳбар ўринбосари тўғрисидаги маълумотларни (Ф.И.О., лавозими, телефон рақами, электрон почта манзили) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этиб бориш белгиланган.
Адлия вазирлиги тақдим этилган маълумотларни Нодавлат нотижорат ташкилотлари электрон порталида жойлаштирилишини ҳамда доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди.
2024 йил 1 январга қадар порталда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик учун очиқ бўлган қуйидаги маълумотларни жойлаштириш имконияти яратилади:
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул этиб белгиланган раҳбар ўринбосарлари ҳақида маълумотлар;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташқи манбалардан молиялаштирилган лойиҳаларини амалга ошириш натижаси тўғрисида маълумотлар;
нодавлат нотижорат ташкилотлари учун эълон қилинган халқаро грант танловлари ҳақида маълумотлар;
пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш талаб этилмайдиган Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро ташкилотлар ва уларнинг ихтисослаштирилган муассасалари рўйхати.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳи (ФАТФ) стандартларининг саккизинчи тавсиясини Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий фойдали дастурлари ва лойиҳаларида ижтимоий шериклик ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини беради.