Францияда мактабга ҳужум қилинди, бир ўқитувчи ўлди. 20 ёшли чечен йигит ва укаси қўлга олинди
Франция шимолидаги Аррас шаҳрида бир эркак қўлида пичоқ билан мактабга ҳужум қилди. Француз тили муаллими, 40 ёшли Доминик Бернар ўлди, деб ёзади BFM TV.
Хабарга кўра, ҳужумкор “Аллоҳ Акбар” дея хитоб қилган. Франция ички ишлар вазири Жералд Дарменен гумонланувчи полиция амалиёти натижасида ушланганини билдирди.
Lе Figaro ёзишича, қўлга олинган шахс – “чечен аслли ёш йигит” Муҳаммад Могушков бўлиб, илгари шу мактабда ўқиган, ёши 20 да. Нашр манбалари у радикал исломчилиги учун Францияда махсус рўйхатда туришини айтганлар.
Қарийб бир пайтнинг ўзида, бошқа мактаб ёнида Муҳаммаднинг 17 яшар укаси ҳам ушланган.
Воқеа бугун соат 11.00 ларда содир бўлган. ОАВ хабарларига кўра, Аррасдаги мактабда бир киши ўлиб, икки киши жиддий жароҳат олган – улардан бири ўқитувчи, бири қоровул. Мактаб муаллимларидан бири маҳаллий телеканал билан суҳбатда ҳужумкорнинг қўлида иккита пичоқ бўлгани, марҳум ҳамкасби эса жиноятчи унинг уйқу артериясига тиғ уриши оқибатида ўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берган.
“Эрталаб соат 11 да тревога сигнали чалинганди, биз машғулот ўтказишаётган бўлса керак, деб ўйладик. Синфхонага кириб ижтимоий тармоқлардан видеоларни кўрдик, ҳамма ваҳимага тушди. Деразаларни ёпдик. Ўқитувчимиз кўп шовқин солмасликни тайинлади, сўнгра бизни тинчлантиришга уринди: хавфсиз жойдасизлар, сизларга ҳеч бир таҳдид йўқ, деди. Биз ваҳима қилмасликка, хотиржам бўлишга ҳаракат қиляпмиз”, деган ўша воқеалар асносида мактабда бўлган бир ўқувчи Lе Figaro газетаси мухбирига.
Франция Миллий аксилтеррор прокуратураси “террорчилик акти билан боғлиқ ҳолда одам ўлдириш”, “террорчилик актига боғлиқ ҳолда одам ўлдиришга суиқасд қилиш” ва “одамларга қарши жиноятларга тайёргарлик кўриш мақсадида жинояткор террорчилик жамияти тузиш” моддалари бўйича тергов бошлаган.
Уч йил муқаддам, 2020 йил 16 октябр куни Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин шаҳарчасида Абдуллоҳ Анзоров исмли 18 ёшли чечен 47 ёшли ўқитувчи Самюэл Патини ўлдирган эди. Анзоров Францияга қочқин мақомини олган ота-онаси билан келган.
Қотиллик содир бўлган куни йигитча ижтимоий тармоқларда мактабда ўқитувчи 12-13 ёшли болаларга сўз эркинлигидан дарс ўтиб, уларга Ислом динида энг мўътабар зот саналмиш Муҳаммад пайғамбарга бағишланган карикатуралар ҳақида сўзлаб берганидан сўнг шу жиноятга қўл ургани ҳақида ёзган.
Ўшанда муаллим ислом динига эътиқод қилувчи ўқувчилар машғулотда қатнашмай, синфдан чиқиб кетишлари мумкинлигини айтган, бироқ ўспирин Муҳаммад пайғамбарни карикатура қилиш мумкинми, йўқми, дея савол қўйилганининг ўзи нотўғри деб ҳисоблаб, ўз таъбирича, пайғамбари учун қасос олишга қарор берган.
12 октябрда ҲАМАС ташкилоти Исроилда бўлаётган воқеалар муносабати билан 13 октябр, жума куни бутун дунёда исроилликлар ва этник яҳудийларга қарши “ғазаб куни” ўтказишга чақирди. Исроил ҳукумати чет элда яшовчи исроилликларни эҳтиёт бўлиш ва норозилик акциялари ўтказиладиган жойларга яқин бормаслик ҳақида огоҳлантирмоқда.