Мирзиёев “дунёдаги оғир вазият” сабаб ички имкониятларни ишга солиш зарурлигини айтди
![Мирзиёев “дунёдаги оғир вазият” сабаб ички имкониятларни ишга солиш зарурлигини айтди](https://gdb.rferl.org/01000000-0aff-0242-b8a4-08dbb5e373f3_w800_h450.jpg)
Президент Шавкат Мирзиёев дунёдаги оғир вазият иқтисодиётга салбий таъсир этаётгани сабабли барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ички имкониятларни кўпроқ ишга солиш зарурлигини айтди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу масала 19 октябрь куни ўтказилган жорий йил 9 ойида эришилган иқтисодий натижалар ва 2024 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар муҳокама қилинган мажлисда кўтарилган.
Қайд этилишича, ўтган 9 ойда мамлакат иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсган. Жумладан, саноатда 5,7 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,1 фоиз, хизматлар соҳасида 12,1 фоиз ўсиш қайд этилган.
Экспорт 23,5 фоизга ошиб, 17,7 млрд долларни ташкил қилган. Йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари доирасида 226,6 трлн сўмлик инвестициялар ўзлаштирилган.
Расмий хабарга кўра, йил якунида ЯИМ ўсиши 5,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ҳукуматга 2024 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурни пухта ишлаб чиқишни топшириб, транспорт, сув хўжалиги, коммунал каби соҳаларда бошланган ислоҳотларни фаоллаштириш, бунда аҳоли ва бизнесни қўллаб-қуватлашга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини уқтирган.