Бош вазир Ариповга матбуот котиби тайинланди
20 октябрь куни Бекзод Ҳидоятов Бош вазирнинг Матбуот хизмати раҳбари (Матбуот котиби) этиб тайинланган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳидоятов бунга қадар Бош вазир матбуот хизмати бош мутахассиси лавозимида ишлаб келган ва Бош вазир матбуот хизматининг тармоқлардаги саҳифаларини юритган. Расмий хабардан матбуот котиби лавозими бунга қадар вакант эдими ёки янги таъсис этилдими, англашилмайди.
Бош вазирнинг олдинги матбуот котиби жамоатчиликка таниш эмас эди. Арипов матбуотга баёнот бермайди, унинг матбуот хизмати энг ёпиқ идоралардан ҳисобланади.
Арипов, шунингдек, Адлия вазири ўринбосари Тўлқин Абдусатторовни ўзининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталаридаги вакили этиб тайинлаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида” ги Қонунига мувофиқ, амалга оширилган мазкур тайинловга кўра, эндиликда Абдусатторов қонун чиқарувчи органда мамлакат ҳукуматининг манфаатларини ҳимоя қилади, унинг номидан иш олиб боради.
Матбуот хизмати хабарига кўра, Бош вазир Арипов имзолаган қарорга мувофиқ, Жавҳар Изамов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкмасининг Протокол хизмати раҳбари этиб тайинланган. Изамов шу пайтга қадар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси, Ташқи ишлар вазирлиги давлат протоколи бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.