ЦАХАЛ Ғазо секторида 212 киши гаровда ушлаб турилганини айтмоқда
Қатор мамлакатларда террорчи ташкилот деб топилган ҲАМАС гуруҳи жангарилари Ғазо секторида 7 октябрь кунги ҳужум чоғида қўлга олинган камида 212 кишини гаровда ушлаб туришибди. Бу ҳақда Исроил армияси расмий вакили Даниэль Хагари маълум қилди. Бу рўйхатга аввалроқ озод қилган асли исроиллик икки америкалик аёл Жудит Раана ва унинг қизи Натали кирмайди.
Хагарига кўра, 212 киши деган хулоса якуний эмас. Ҳарбийлар бедарак йўқолганлар ҳақида янги маълумотларни олишда давом этишмоқда.
Аввалроқ ЦАХАЛ Ғазода 210 нафар асир ушлаб турилганини маълум қилган эди.
Гаровдагилар сони доимий равишда ортиб бормоқда. Бундан ташқари, Ғазо секторида ҳаракатланаётган бошқа қуролли гуруҳлар ҳам одамларни гаровда тутиб турган бўлиши мумкин. 14 октябрь куни ЦАХАЛ матбуот хизмати ҲАМАС жангарилари 120 дан зиёд тинч аҳоли вакилини гаровда ушлаб тургани ҳақида маълумот тарқатган эди. Орадан икки кун ўтгач, вазирлик гаровдагилар сони камида 199 нафар эканини қайд этган. 19 октябрь куни улар сони 203 нафаргача ошган. ЦАХАЛ маълумотига кўра, улардан қарийб 30 нафарини болалар, 10-20 нафарини эса қариялар ташкил этади.
Гаровда тутиб турилганлар орасида икки фуқароликка эга кишилар, шу жумладан россияликлар ҳам бор.
Ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ва полицияси маълумотига таянган ҳолда, ҲАМАС ҳужумлари оқибатида “Ўзбекистонда туғилган ва 90-йилларда репатриация дастурига мувофиқ Исроилга кўчиб келган беш нафар киши ҳалок бўлган”и ҳақида маълум қилган эди. Элчихона ўз мурожаатида ҳалок бўлган бу одамлар “амалдаги Ўзбекистон фукаролик паспортларига эга эмас”лигини урғулаган.