Тошкент вилоятидаги божхона постида салкам 2 кг “порох” тўхтатиб қолинди
Экспертиза хулосасига кўра, “порох” моддаси портловчи моддалар таркибига киради.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Яллама” чегара божхона постига фуқаро бошқарувида кириб келган “DAF” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, кўрик натижасида, автомашинанинг багаж қисмида, йўловчи декларациясида кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда маълум қилинмаган, 1 дона қоғоз қути ичида оғирлиги 1,85 кг “порох” моддаси борлиги аниқланган.
Экспертиза хулосасига кўра, “порох” моддаси портловчи моддалар таркибига киради.
Маълумот ўрнида, ЖКнинг 246-моддасига асосан, божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб, декларациясиз ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кириш контрабанда жинояти ҳисобланиб, божхона чегарасидан ўтказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.