Қонунчиликдаги ўзгаришлар моҳияти тушунтирилди
Андижон вилояти юридик техникумида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ва қонунчиликка киритилган янгиликлар мазмун-моҳиятини тарғиб этишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси Наргиза Шарипова “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамияти юзасидан иштирокчиларга атрофлича тушунчалар берди.
Прокуратура вакиллари, адвокатлар ҳамда ўқувчилар иштирокидаги тадбирда мазкур Қонун ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча оворагарчиликларга барҳам беришга хизмат қилиши таъкидланди.
Мулоқотда ўқувчилар янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ўзгартиришлар, шунингдек, «Ўзбекистон-2030» стратегиясида белгилаб берилган суд-ҳуқуқ соҳасига доир масалалар юзасидан ҳам таҳлилий маълумотларга эга бўлдилар.