“Мусулмон оламини энди ишонтириб бўлмайди”. Эксперт араб-Исроил дипломатияси барбод бўлгани ҳақида
Ғазо бўлгаси ҳукумати ва Исроил муҳтамалан бир неча юз киши ўлган Ал-Аҳли касалхонаси портлашида бир-бирини айбламоқда. ҲАМАС буни ЦАХАЛнинг ҳаводан зарбаси, дея баёнот берди. Исроил эса, ўз навбатида, “Ислом жиҳоди” гуруҳининг яҳудий давлати томон отган ракетаси касалхонага тушиб портлаганини таъкидлайди. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада фаластинликларни қўллаб-қувватлаб оммавий намойишлар ўтказилмоқда. Иорданияда, Эронда, Тунисда, Ироқ ва Ливанда минглаб одамлар кўчага чиқишди. Шарқшунос Руслан Сулаймонов “Настояшчее время” билан суҳбатда минтақадаги вазиятга изоҳ берди.
– Би-би-си сунъий йўлдошдан олинган тасвирларни таққослаб, портлаш автотураргоҳ ҳудудида содир бўлган бўлиши мумкин ва касалхона вайрон бўлмаган, деган фикрни олға сурмоқда. Қатор шарҳловчилар ҳам автотураргоҳдаги портлашни ҲАМАСнинг пропаганда юриши, деб тахмин қилишяпти. У ҳолда ушбу пропаганда юришидан мақсад нима бўлиши мумкин, сизнингча?
– Бу пропаганда юришими, йўқми, бир нима дейишим қийин. Биз араб дунёсининг, ҳатто янада кенгроқ – мусулмон оламининг бирёқлама реакциясини кўриб турибмиз. Пропаганда эдими ёки йўқ – энди муҳим эмас. Ҳар қандай ҳолатда Исроил айбдор бўлади. Яҳудий давлати ушбу фожиага алоқаси йўқлигига рад этиб бўлмас далиллар келтирган тақдирда ҳам мусулмон оламини ишонтириш энди имконсиз. Агар бу Исроилни оғир аҳволга солиш учун олдиндан ўйланган провокация бўлса, мақсадларига эришишди.
– Ғазо бўлгасидаги касалхона ҳудудида содир бўлган портлашдан сўнг кузатилаётган норозилик чиқишларини қандай баҳолайсиз?
– Бу ростдан ҳам оммавий намойишлар ва Исроил билан дипломатик алоқалари ривожланаётган араб мамлакатларида яҳудий давлатига хавф солади. Бу араб-Исроил яқинлашувига, энг аввало Исроилга нисбатан риторикасини жадаллик билан ўзгартираётган Баҳрайн, БАА сингари мамлакатларга катта муаммо туғдиради. Урушнинг илк кунлари улар ўзларини вазмин тутишган бўлса, кеча ташқи ишлар вазирлари Исроилни айблаб баёнот беришди, воқеа бўйича суриштирув ҳали тугамаганига қараб ўтиришмади. Чунки, ҳали айтганимдек, араб-мусулмон оламида “ҳар нима бўлса ҳам Исроил айбдор” деган ўзгармас ишонч мавжуд. Шундай экан, менимча, бу норозилик ҳали-бери тугамайди. Ушбу намойишлар муайян ўйинчиларнинг можарода иштирок этиш ёки этмаслик қарорига таъсир этиши тайин. Мен аввало Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”ни назарда тутяпман.
– ҲАМАС-Исроил можаросига аралашиш “Ҳизбуллоҳ”га нега керак? Яқин Шарқда таъсирини мустаҳкамлаш учунми?
– “Ҳизбуллоҳ” мураккаб вазиятда қолган. Биласиз, Ливанда сўнгги йилларда оғир сиёсий ва иқтисодий инқироз давом этяпти. Ливанликлар 2006 йилда “Ҳизбуллоҳ” билан Исроил ўртасида кечган мудҳиш урушни яхши эслашади ва ўша воқеалар такрорланишини ҳеч ким истамайди. Бироқ “Ҳизбуллоҳ”нинг вазияти қалтис, чунки жамоатчилик босими зўрайиб боряпти, Исроилга нафрат оловланмоқда. ҲАМАС лидерлари барча мусулмонларни кўчаларга чиқишга ва Исроилга қарши ҳаракат қилишга чақиряпти. Ушбу босим “Ҳизбуллоҳ”га можарога аралашишдан бошқа йўл қолдирмаслиги мумкин. Лекин у ҳозирча ўзини нисбатан босиқ тутяпти, Исроилнинг чегарага яқин кичик ҳудудларини ўққа тутиш билан чекланиб турибди, энг қизиғи, “Ҳизбуллоҳ” лидери Сайид Ҳасан Насруллоҳни фаластинликларни фаол қўллаб-қувватламаяпсан, дея танқид қилишмоқда.
– Оммавий норозилик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? “Ҳизбуллоҳ”га босим ҳақида гапирдингиз. Митингларга чиқаётган, бирлашаётган одамларнинг ўзлари Исроилга хавф сола оладими?
– Назаримда, бу биринчи галда араб режимларига хавф солади. Миср ва Иорданияни назарда тутяпман, бу мамлакатларнинг кўпдан бери Исроил билан дипломатик алоқалари бор. Араб давлатларида ҳукуматнинг Исроил билан ҳамкорлик позициясини умуман хушламайдилар. Халқ босими ҳукуматларни Исроил дипломатларини бадарға қилишга мажбур этиши мумкин. Шунақа петицияларга имзо йиғиш аллақачон бошланган, ижтимоий тармоқларда араб мамлакатларидан барча яҳудийларни, Исроилга қарашли барча ширкатларни қувиб чиқаришга чақириқлар янграмоқда. Мана шулар жиддий оқибат бўлади. Норозилик кўлами кенгайса, босим кучаяверса, Ғазо бўлгасига зарбалар давом этса ва, агар Исроил ерусти амалиётини бошласа, Исроилнинг араб оламидаги мавқеи жуда ҳам заифлашади.
– “Ҳизбуллоҳ” 17 октябрни Исроилга қарши “ғазаб куни” деб эълон қилган эди. Бу терминнинг бирон маъноси борми? Ёки у фақат норозилик акцияларига чиқишни назарда тутадими?
– Бу чақириқлар ҳам “Ҳизбуллоҳ”га бўлаётган босим натижаси. “Ҳизбуллоҳ” нимадир қилиши керак эди, аммо у Исроил билан чинакамига уруша олмайди. Шу боис, лоақал бирдамлик белгиси бўлсин деб “ғазаб куни” эълон қилишди. Қисқаси, гап билан чекланишмоқда.
– Бир тарафдан, Ғарб лидерлари Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаётганини кўряпмиз. Бошқа тарафдан, ислом оламида Фаластинни қўллаб-қувватлаб оммавий митинглар бўляпти. Икки дунё – Ғарб билан араб-мусулмон мамлакатлари бир-биридан жуда ҳам узоқлашиб кетмаяптими?
– Албатта, бу воқеалар уларни бир-биридан узоқлаштиради. Дипломатия барбод бўлди, ерга қоришди. Биринчи навбатда ҲАМАС жангариларининг этиклари остида топталди. Сўнгги йилларда умумқабул қилинган Фаластин ва араб дискурсида дипломатия, Исроил билан яқинлашув ғояси анча ривожланди, Исроил тўрт араб мамлакати билан дипломатик алоқалар ўрнатди. Бу йил Саудия Арабистони билан битимлар имзоланиши кутилаётганди. Яъни, дипломатияга энг адекват, энг мақбул ечим деб қаралаётганди.
Аксинча, Исроил билан музокаралар бўлиши мумкин эмас, деб ҳисоблайдиганлар ҳам кўп эди. Масалан, ҲАМАС ҳамиша араб мамлакатларини Исроил билан келишувга интилаётганликда айблайди, озодлик учун курашаётган фаластинликларга орқадан пичоқ уряпсизлар, дейди.
Кечагина ҲАМАСни сўккан, қоралаган араблар ва фаластинликларнинг аксари энди ҲАМАСни қўллаб-қувватламоқда, жангариларнинг ваҳшийликларига ҳам кўз юмишяпти. Бугун мусулмон оламида ҲАМАСни танқид қилишга ҳеч ким журъат қилолмайди. Бу, табиийки, дипломатик жараённи қийинлаштиради. Аслида дипломатия қолгани ҳам йўқ. Миср, Иордания, Фаластин ва Қўшма Штатлар лидерлари иштирокида саммит бўлиши керак эди. Бироқ ташкилотчи ва мезбон Иордания саммит ўтказилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди, бу ҳам намойишкорона ҳаракат. Хуллас, айни пайтда араб давлатлари сиёсатини ҲАМАС ва унинг қаршилик ва қуролли курашга таянувчи мафкураси белгилаб бермоқда. Дипломатияга ўрин қолмаяпти ҳисоб.
– Нетаньяху ҲАМАСни йўқ қилишга ваъда беряпти, ундан кейин нима бўларкин? Муҳокама қилаётганимиз икки оламда қандай қабул қилинади бу, сизнингча?
– Назарий жиҳатдан Исроил ҲАМАСни йўқ қилишга қодир деб ўйлайман, ҳарбий маънода йўқ қилиш, Ғазо бўлгаси устидан назорат ўрнатиш – булар бари Исроилнинг қўлидан келади. Лекин ҲАМАСни ҲАМАС қилган жангарилар эмас, балки унинг мафкурасидир. Бу қаршилик мафкураси, қуролли кураш мафкураси, Исроил давлатининг яшашга ҳаққи борлигини тан олмаслик мафкурасидир. Айни ушбу жабҳада Исроил ғалаба қозониши жуда ҳам қийин, чунки сўнгги 16 йилда Ғазо бўлгасида Исроилни душман деб билувчи бутун бир авлод етишиб чиқди.