Қозоғистондаги кўмир конида ҳалок бўлганлар сони 45 кишига етди
Қарағанда вилоятида Костенко номидаги кўмир конида 28 октябрга ўтар кечаси содир бўлган портлаш ортидан ҳалок бўлган шахтёрлар сони 45 кишига етди. Бу ҳақда хабар берган Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги яна бир кишининг жасади қидирилаётганини маълум қилди.
Портлаш тўғрисидаги дастлабки маълумотларда, конда 252 шахтёр бўлгани, улардан 206 нафари кондан мустақил чиқиб кетишга муваффақ бўлгани билдирилган эди. Расмийлар портлаш чоғида кондаги бирор кишининг тирик қолиши эҳтимоли жуда кам эканини қайд этишганди. Кейинроқ расмийлар камида 40 киши ўлганини маълум қилганди.
Кўмир конидаги ҳалокат ортидан Қозоғистонда 29 октябрь умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди.
Мазкур кон “АрселорМиттал Темиртау” ширкатига қарашли бўлган. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев кондаги фожиадан сўнг “АрселорМиттал Темиртау” билан инвестициявий ҳамкорлик шартномаси тўхтатилишини билдирди.
Расмий маълумотларга кўра, саккизта кон ва Қарағанда вилоятидаги металлургия комбинатига эгалик қилувчи “АрселорМиттал Темиртау” ширкати объектларида сўнгги 15 йил ичида 100 дан зиёд одам ўлган.