Тинч океани тарихидаги энг кучли довул. Мексикада 48 киши ўлди
Мексиканинг Акапулько шаҳрига ёпирилган “Отис” довули оқибатида камида 48 киши ҳалок бўлди ва яна олти киши бедарак кетди. Довул соҳилга келиб урилишидан олдин зарба кучини икки маротаба кўпайтирган. Тадқиқотчилар учун бу ҳолат ҳозирча сир бўлиб қолмоқда, дейилади хабарларда.
Довул оқибатида 900 мингга яқин аҳоли электр таъминотидан узилиб қолди. 270 мингта ҳовли ва 600 меҳмонхона вайрона ҳолатига келиб қолди. Расман билдирилишича, суғурта зарарининг ўзигина 15 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Акапулько аҳолиси ҳукуматни етарли даражада кўмак кўрсатмаётганликда айбламоқда. Довулдан сўнг шаҳарда ичимлик суви, озиқ-овқат ва бензин етишмаяпти.
“Отис” довули Акапулько шаҳрига соатига 266 километр тезлик билан ёпирилди. Бу Тинч океанини кузатиш тарихидаги энг кучли довул бўлгани тадқиқотчилар томонидан эътироф этилмоқда. Синоптиклар довул эҳтимоли ҳақида маълумотга эга бўлмаган.
Associated Press экспертлари довул Мексика соҳилига яқинлашганида кучини нега икки баробарга кўпайтиргани тўғрисида аниқ маълумотларга эга эмасликларини айтганлар. Бироқ уларнинг таҳминича, бунга океан сувининг илиқлашгани сабаб бўлган.
Жаҳондаги океанлар қисман Эль-Ниньо оқибатида илиқлашиб бораётгани ҳақида аввалроқ халқаро миқёсдаги ташкилотлар бонг урган эди. БМТнинг Бутунжаҳон метеорология ташкилоти об-ҳавонинг рекорд даражада исиши иқлим ўзгариши ва Эль-Ниньо деб номланувчи ҳодисанинг бошланиши билан боғлиқ эканини маълум қилган. Мазкур ҳодиса Тинч океандаги экваториал сувларнинг ҳарорати кўтарилиши ортидан пайдо бўлади.
Денгиз музлари камайгани ортидан океан сувлари бевосита Антарктида соҳилларини ювиб, музликлар ҳажмининг озайишига сабаб бўлмоқда. Бу эса океан сатҳининг кўтарилишига, соҳилбўйи минтақаларининг сув остида қолишига омил яратади.
Антарктида Ер куррасидаги энг тез исиб бораётган минтақалардан бири. Мутахассисларнинг билдиришларича, сўнгги 5,5 минг йиллик тарихда Антарктида музликлари бу қадар шиддат билан эримаган.