Россияда қамоқдаги сиёсатчилар бир кунлик очлик эълон қилди
Россияда сиёсий фаолияти учун судланган бир неча шахс 30 октябрда бир кунлик очлик эълон қилди. Улар бу ҳақда 30 октябрда нишонланадиган Сиёсий маҳбуслар куни арафасида расмийларни огоҳлантирган эди. Бу ҳақда Озодликнинг рус хизмати 30 октябрда хабар берди.
Мазкур акцияни ўтказиш октябрь бошида Алексей Навальний томонидан таклиф қилинган. Бу тадбирни Россиядаги сиёсий маҳбуслар Илья Яшин, Владимир Кара-Мурза, Лилия Чанишева, Даниэль Холодний, Вадим Останин ва Михаил Кригер қўллаган. Уларнинг барчаси ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан сиёсий маҳбус сифатида тан олинган.
“Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг билдиришича, Россияда камида 600 киши сиёсий ёки диний эътиқоди ортидан таъқиб қилинмоқда. Россия Қримни аннексия қилган 2014 йилдан бери уларнинг сони 14 баробарга кўпайган.