Андижонда руҳий касалликлар шифохонасида беморни урган шифокор ишдан ҳайдалди
Ижтимоий тармоқларда “Андижон вилоят руҳий соғлиқни сақлаш” диспансерида шифокор беморни ургани акс этган видеолавҳалар тарқалди.
Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат 2023 йил 27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси “Андижон вилоят руҳий соғлиқни сақлаш” диспансерида содир бўлган. 28 октябрь куни тонгда маъмурият томонидан ички хизмат текшируви тайинланган, беморга нисбатан оғир тан жароҳати етказиш мумкин бўлган даражада ноинсоний туйғуларга мос қўпол харакат қилган кичик тиббий ходим – Ш.У.нинг иши муассаса касаба уюшмаси мажлисида кўрилиб чиқиб, у ўз вазифасидан озод этилган, меҳнат шартномаси бекор қилинган, шу куннинг ўзида ҳуддудий ички ишлар инспектори таклиф этилиб, ходимнинг харакатлари расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган, шунингдек ички ишлар ходимларига видеолавҳадан кўчирма, бошқа ходимларнинг тушунтириш хатлари ҳам берилган.
Видеолавҳада акс эттирилган тиббиёт ходимларидан ҳам тушунтириш хатлари олинган, уларнинг ерда ётган беморга зудлик билан ёрдам бермаганлиги, бефарқлиги ҳатти харакатлари касаба уюшмасида кўриб чиқилиб, уларга интизомий жазо чоралари белгиланган.
Видеолавҳада акс эттирилган бемор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан юборилган шифокорлар кўрикларидан ўтказилган, УЗИ, Рентген, лаборатория таҳлиллари, бошқа диганостик текширувлардан ўтказилган, жароҳатлар, саломатлиги учун хавф туғдирадиган ҳолатлар аниқланмаган.
Шифо масканида беморлар билан қўпол ҳатти ҳаракат қилиш қонуний жазо кўрилишига сабаб бўлиши тўғрисида тушунтириш ишлари қайта олиб борилган, барча ҳудудларда назорат камералари тўлиқ ишламоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан суриштирув ишлари бошланган.
“Андижон вилоят руҳий соғлиқни сақлаш” диспансеридаги ҳолат Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг назоратига олинди.