Боливия Исроил билан дипломатик алоқаларни тўхтатди. Колумбия ва Чили Исроилдаги элчиларини чақиртириб олди
Боливия Ғазо бўлгасига зарба бергани учун Исроил билан дипломатик алоқаларни узди.
“Биз Ғазо бўлгасига ҳужумлар тўхтатилишини талаб қиламиз. Бу ҳужумлар минглаб тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлди. Зўравонликлар ортидан фаластинликлар уйларини ташлаб кетишига мажбур бўлди”, дейилади Боливия президенти Луис Арсе маъмурияти эълон қилган баёнотда.
Исроил Боливиянинг бу ҳаракатини “террорчилик ва Эрон режимига таслим бўлиш” сифатида баҳолади.
“Боливия ҳукумати бу билан 1400 исроилликни ўлдирган ва болалар, аёллар, чақалоқлар, қариялардан иборат 240 кишини ўғирлаган ҲАМАС террорчилик ҳаракати сафларига қўшилди", – деди Исроил ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лиор Хайат.
Боливия 2009 йилда ҳам Исроил билан дипломатик алоқаларни узган эди. Бунга Исроилнинг Ғазода “Қуйилган қўрғошин” амалиётини ўтказгани сабаб бўлган. Бу амалиёт ҲАМАС Исроилга ракеталар отганидан сўнг ўтказилган эди. Икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар 2020 йилда қайта тикланган.
Боливияда ҳокимият социалистлардан қўлида. Собиқ президент Эво Моралес тарафдори бўлган социалистлар АҚШ ва Ғарб давлатларини кескин танқид қилиб келади.
Лотин Америкасида Боливиядан ташқари Колумбия ва Чили ҳам Исроилдаги элчиларини чақиртириб олди. Бразилия президенти Исроилнинг Ғазодаги амалиётини “ақлдан озиш” деб сифатлади.
Чили ва Колумбияда ҳам ҳокимият тепасида сўл кучлар ўтирибди. Колумбия президенти Густаво Петро Тель-Авивдаги элчининг чақиртириб олинишига “фаластин халқини қирғинбарот қилингани” сабаб бўлганини билдирди. Исроил уни “антисемит баёнотлар билан ҲАМАСНИ қўллаётганлик”да айблади.
Чили президенти Габриэль Борич Исроилдаги элчсини Ғазода “халқаро гуманитар ҳуқуқ қабул қилиб бўлмайдиган даражада бузилгани”ни муҳокама қилиш учун чақириб олганини билдирди. Чили президенти Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини “Ғазо бўлгасидаги тинч аҳолини жамоавий тарзда жазолаш” сифатида қабул қилишини айтди.
Аввалроқ Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва Исроилнинг Ғазодаги амалиётини “ақлдан озиш” деб баҳолаган эди. Унга кўра, Исроил “Ғазода ҲАМАС жангариларидан ташқари аёллар ва болалар борлигини эсдан чиқарган кўринади”.
“Агар ҲАМАС Исроилга нисбатан террор уюштирган бўлса, бу Исроил миллионлаган айбсиз аҳолини ўлдиришга ҳақли дегани эмас” – деди Лула да Силва.
Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига халқаро норозиликнинг кучайиши ортидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги офиси директори Крэйг Мохибер истеъфо берди.
У истеъфога чиқишдан аввал “БМТ Ғазо бўлгасида фаластин халқи геноцид қилинишининг олдини олиш бўйича мажбуриятини бажара олмаётгани”ни айтди. Мохибер Ғазодаги вазиятни Руанда, Босния ва Мьянмадаги геноцидга тенглаштирди.