Ўзбекистон «Газпром» билан стратегик ҳамкорлик меморандумини имзолади
Ўзбекистон ва Россиянинг «Газпром» ширкати ўртасида стратегик ҳамкорлик меморандуми имзолангани тўғрисида Энергетика вазирлиги 1 ноябрда маълум қилди.
Меморандумда газ таъминоти ва транзити, геология-қидирув ва қазиб олиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириши белгиланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер томонидан Санкт-Петербургда ўтган халқаро газ форуми доирасида имзоланган
Бундан ташқари томонлар Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилган. Мазкур жараён октябрнинг охирларида бошлангани хабар қилинган эди.
Расмий Тошкент “Газпром” билан июнь ойи ўртасида Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзолагани хабар қилинганди. Шартномага асосан, Россиядан табиий газ Қозоғистон орқали “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали узатилиши, етказиб берилажак газ ҳажми йилига тақрибан 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши айтилган.
Ўзбекистон энергетика вазирлиги ҳам 19 июнда тарқатган расмий билдирувида Россиядан 2 миллиард 800 миллион кубометр, кунига 9 миллион кубометр газ сотиб олинишини маълум қилган эди. Вазирликка кўра, бу “газга бўлган эҳтиёжни қисман қоплайди”.
Аммо шу кунгача Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари газ нархи ҳақида маълумот бермаган. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиядан сотиб олинаётган газ нархи бўйича жамоатчиликка маълумот берилмаслигини ва газ нархи сир сақланишини айтган. Вазирга кўра, “миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нарх белгиланган”.