Ўзбекистонда кўп хотинликни тарғиб қилганларга ва ниқоб кийганларга маъмурий жавобгарлик белгиланди
Ўзбекистонда кўп хотинликни тарғиб қилганларни маъмурий жавобгарлик тортиш назарда тутилган қонун президент томонидан 21 октябрда тасдиқланди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Мазкур қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, қонуний никоҳдан ўтмаган шахслар ўртасида, жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилган, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатган ёки рағбатлантирганларга БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) жарима солинади ёки 15 суткага қамалади.
Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.