Тошкентда Фаластинни қўллаб митинг ўтказмоқчи бўлганлардан камида уч нафари 15 суткага қамалди
Тошкентда 29 октябрда Фаластинни қўллаш мақсадида Амир Темур хиёбонига йиғилганлардан камида уч нафари 15 суткага қамалди. «Газета.uz» “жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди қарорлари ўрганиб чиқилганидан сўнг” бу ҳолат маълум бўлгани тўғрисида билдирди.
30 октябрда қабул қилинган суд қарорларида қайд этилишича, Тошкент вилояти Охангарон туманида яшовчи 2001 йилда туғилган Ф. О., ва Б. И., Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи 1997 йилда туғилган М. Х., Маъмурий жавобгарлик кодексининг 194-моддаси (ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 201-моддаси 1-банди (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишларни уюштириш ва ўтказиш тартибини бузиш) билан айбдор деб топилган.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Расул Кушербаевнинг телеграм каналига таянган ҳолда, Тошкентда 29 октябрь куни Амир Темур хиёбонига Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун митинг ўтказиш ниятида йиғилган юздан кўпроқ киши ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.
“Билдирилишича, 100 дан ортиқ одам йиғилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари режалаштирилган йиғилишдан хабардор бўлган. 100 дан ортиқ одам ички ишлар бўлимларига олиб бориб, суҳбат ўтказилган ва уларнинг аксариятини қўйиб юборилган”, деб ёзган Расул Кушербаев.
Хабарда акцияда иштирок этиш учун нафақат шаҳар аҳолиси, балки қўшни вилоятлардан ҳам одамлар келгани айтилган. Ижтимоий тармоқларнинг Ўзбекистон сегментида мазкур акцияни ўтказиш чақириқлари 29 октябрдан бир неча кун аввал пайдо бўлган.
Хабарда ҳуқуқ-тартибот органлари мазкур йиғилишдан аввалдан хабардор бўлгани таъкидланади. Шунинг учун ҳам бу ерга Миллий гвардия ва бошқа кучишлатар идоралар ходимлаори аввалдан олиб келинган.
Орган ходимлари воқеа жойида юздан ортиқ одамни қўлга олиб, ички ишлар бўлимларига олиб борган. Суҳбат ўтказилгач, “уларнинг аксарияти уйларига қўйиб юборилган”. Уларнинг айримларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси («Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш»)да назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий баённомалар тузилиб, материаллар судга тақдим этилган.
Маъмурий жавобгарлик кодекснинг мазкур моддасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа назарда тутилади.