Бухорода қарийб 100 дона тарихий тангаларни хорижга олиб чиқмоқчи бўлган фуқаро қўлга тушди
«Бухоро-Внуково» авиарейси орқали ҳаракатланаётган фуқаро «Бухоро Аэропорти» чегара божхона постининг божхона назорати зонасидан ўтиш чоғида унинг кузатиб бориладиган багажи инспекцион кўрик мажмуаси ёрдамида сканердан ўтказилган.
Натижада, ҳеч қандай тегишли ҳужжатларда кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилмаган жами 96 дона тарихий тангалар борлиги аниқланган.
Таъкидланишича, мазкур нумизматика буюмларининг қадимийлик даражасини аниқлаш мақсадида Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан бадиий экспертиза тайинланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида» ги Қонунига асосан, зарб этилганлигига 50 йилдан ошган нумизматика буюмларини мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқиб кетиш таъқиқланади.