БМТ Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан қамоқхонада ғайриинсоний муносабатда бўлинаётганини билдирган
2023 йилнинг 9 ноябрь куни БМТ расмий сайтида “БМТ экспертлари: Ўзбекистон озчиликлар ҳуқуқлари ҳимоячиларини таъқиб қилишни тўхтатиши керак” номли хабар эълон қилинди. Унда мустақил экспертлар Даулетмурат Тажимуратовнинг аҳволидан чуқур хавотирда эканликлари ва қамоқхонада унга нисбатан таҳдид, ҳақорат ва ғайриинсоний муносабатда бўлинаётганини билдирган.
Омбудсманнинг маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилган. Омбудсман, депутатлар, маҳаллий ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларидан иборат Комиссия аъзолари 16 июлдан Корақалпоғистон Республикасида ўзининг мустақил ўрганишларини бошлаган.
Комиссия аъзолари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасига ҳам ташриф буюриб, у ерда сақланаётган шахслар шароитларини ўрганган ва Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашишган. Учрашувда Д.Тажимуратов унга нисбатан тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмагани, овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитлар бўйича ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирган.
Шунингдек, Тажимуратов адвокат билан таъминланганини ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганлигини ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилган.