Астраханда кўп қаватли уй қулаб тушди. Камида бир киши ҳалок бўлди
Астраханда беш қаватли уйнинг икки подъезди қулагани оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди ва бир неча киши бедарак. Бу ҳақда Россиянинг Астрахан вилояти губернатори Игорь Бабушкин маълум қилди.
Унга кўра, уйда яшовчи 213 киши эвакуация қилинди. Улардан 37 нафари бола. Шаҳардаги учта мактабда вайрон бўлган уйда яшаганларни вақтинча жойлаштириш пунктлари очилди.
Уйнинг қулаши оқибатида 1939 йилда туғилган пенсионер аёл ҳалок бўлган. Қутқарувчилар яна бир неча киши вайрона остида қолганинини тахмин қилмоқда. Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Россия матбуотининг хабар беришича, бинонинг иккинчи ва тўртинчи подъездлари қулаган. Айрим нашрлар бунга уй пойдеворини мунтазам оқова сувлар ювиб тургани, бошқа нашрлар эса уйдаги хонадонлардан бирида олиб борилган таъмирлаш ишлари оқибатида домни ушлаб турувчи таянчлар бузиб ташлангани сабаб бўлгани ҳақида ёзмоқда.