Вазир Онкология марказининг янги биноси қурилиши билан танишди
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов пойтахтимизда барпо этилаётган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган комплекси билан танишди.
Саккиз қаватли мазкур бинодан 650 ўринли стационар, 100 ўринли кундузги стационар, 500 қатновга мўлжалланган поликлиника, илмий тадқиқотлар учун виварий ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган референс лаборатория жой олади.
Ўз навбатида, бу ерда 17 та янги клиник бўлим фаолияти йўлга қўйилади. Жумладан, мамлакатимизда илк бор суяк кўмиги трансплантацияси бўлими очилади. 45 та реанимацион ва 16 та операцион хоналар энг сўнгги технологиялар билан таъминланади.
Интенсив терапия бўлими юрак мониторлари, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари ва бошқа замонавий асбоб ускуналар билан таъминланган консолли функционал ётоқларга эга бўлади.
Комплексда беморларни нур билан даволаш учун 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали билан бирга ядровий тиббиёт бўлими ишга туширилади. Бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқалари унинг ўрнини тўлдириши натижасида даво муолажаси узлуксизлиги таъминланади.
Шунингдек, марказда Позитрон эмиссион томография аппарати циклотрон билан ускуналар комплекси ўрнатилади. Ушбу ноёб ускуналар комплекси ёрдамида ўсма касалликларни эрта босқичларда ва бошқа диагностик усул билан аниқланмаган метастазларни дастлабки даражасида аниқлаш имкони бўлади.
А.Иноятов марказ биноси билан танишиш жараёнида лойиҳачилар, пудратчилар ва архитекторлар билан мулоқот қилди. Шунингдек, муассаса учун зарур жиҳозларни қисқа муддатда олиб келиб ўрнатиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.