Ўзбекистон ёш хоккейчилари жаҳон чемпионатида А гуруҳи йўлланмасини қўлга киритди
Таиландда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг III дивизион B гуруҳи ўйинлари ўзбекистонликлар учун муваффақиятли якунланди.
Ўзбекистон ўсмирлари ҳал қилувчи баҳсда Таиландни 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон чемпионати III дивизион А гуруҳи йўлланмасини қўлга киритди.
Бундан олдинги ўйинларда ўзбекистонликлар Жанубий Африкани 12:0, Люксембургни 12:1, Туркманистонни 8:2 ва Боснияни 11:3 ҳисобида енгган эди.
Ўзбекистон U18 терма жамоасига латвиялик Нормундс Сейейс бош мураббийлик қилди.
Рустам Эргашев турнирнинг энг яхши дарвозабони бўлди. Жасурбек Рустамхонов энг яхши ҳужумчи деб топилди, унинг ҳисобида 14 та гол ва 8 та ассист бор. Мусобақанинг энг сермаҳсул ҳужумчиси туркманистонлик Султонҳамит Ваҳитов бўлди – 17 та гол ва 7 та ассист.