Наманганда 40 минг доллар пора билан мансабдор ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати маълум қилишича, Наманган шаҳрида коррупция билан боғлиқ навбатдаги ҳолат фош этилди. “Кумир таъминот” корхонаси раҳбарининг ўринбосари 40 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди.
Маълум қилинишича, мансабдор шахс омбор мудири лавозимига тайинлаш масаласида ёрдам бериш, шунингдек қўшимча кўмир вагонларини ажратиб бериш эвазига ушбу маблағни талаб қилган. Тергов маълумотларига кўра, пора пулларининг бир қисми тўғридан-тўғри ушлаш вақтида далил сифатида мусодара қилинган.
Шу билан бирга, мазкур ҳолатдан аввал воситачи орқали ушбу мансабдорга 25 минг доллар етказиб берилгани ҳам аниқланган. Пора беришда воситачилик қилган шахс ҳам тезкор тадбирлар давомида қўлга олиниб, ҳозирда у ҳам тергов органлари назорати остида.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мазкур ҳолат юзасидан фирибгарлик ва пора олиш моддалари асосида жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Айни пайтда барча ҳолатлар чуқур ўрганилмоқда, тергов ҳаракатлари давом этяпти.
Қисқаси, навбатдаги коррупциявий схема очилди. Бу эса давлат идораларида шаффофликни таъминлаш йўлида кураш изчил давом этаётганини яна бир бор кўрсатади.