2025 йилда Алишер Усмоновнинг бойлиги 19,3 млрд долларга етди
Bloomberg маълумотлари асосида «Бизнес Online» тузган рейтингга кўра, миллиардер Алишер Усмонов 2025 йил якунлари бўйича Россиядаги энг бой олти кишидан бири сифатида қайд этилди. Унинг бойлиги 19,3 млрд долларга баҳоланиб, бир йил ичида 6 млрд долларга ошгани айтилаяпти. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Рўйхатда етакчилик «Норилск никель» эгаси Владимир Потанинга тегишли: унинг капитали 26,4 млрд доллар деб баҳоланган, бироқ йил давомида 1,4 млрд долларга камайган. Иккинчи ўринда «Северсталь» асосчиси Алексей Мордашов (26,3 млрд доллар), учинчи поғонада эса NLMK директорлар кенгаши раиси Владимир Лисин (23,7 млрд доллар) турибди.
Нашр ҳисоб-китобига кўра, Россиядаги 20 нафар миллиардернинг жами капитали ўтган йилда 18,3 млрд доллардан кўпроққа кўпайиб, 299,2 млрд долларга етган. Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Усмоновнинг дивиденд даромадлари 96,2 млрд рубл (1,2 млрд доллар) атрофида баҳоланган, Forbes'нинг Россия талқинига кўра, бу кўрсаткич бир йил ичида 20,4% га ошган.