Гренландия атрофида Россия кемалари борми? Дания рад этди
Даниянинг Арктика қўмондонлиги раҳбари, генерал-майор Сорен Андерсен АҚШ президенти Дональд Трампнинг Гренландия яқинида Россия ва Хитой кемалари мавжудлиги ҳақидаги баёнотларини инкор қилди.
Reuters ахборот агентлигига берган изоҳида генерал Андерсен шундай деди:
«Биз Гренландия атрофида на Россия, на Хитой кемаларини кузатяпмиз. Хитой ва Россия кемалари Шимолий Муз океанида ҳаракатланяпти, аммо Гренландияга яқин ҳудудларда эмас».
Унинг қўшимча қилишича, Дания АҚШни жорий йилда орол ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий машқларда иштирок этишга таклиф қилган. Бироқ, Вашингтон ҳозиргача ушбу таклифга расмий жавоб бермаган.
Маълумки, Дональд Трамп бир неча бор Гренландиянинг АҚШ миллий хавфсизлиги учун стратегик аҳамияти катта эканини таъкидлаб келган. Бу баёнотлар ортидан Европа давлатлари оролдаги ҳарбий иштирокни кучайтиришга қарор қилди. Хусусан, Франция 15 нафар, Германия 13 нафар, Финляндия эса икки нафар ҳарбийни Гренландияга юборди. Оролни ўз таркибига олган Дания ҳам қўшимча қўшин жойлаштиришини маълум қилди.