Уч зарба, тўртта гол: «Вильярреал» «Эспаньол» мағлубиятини узайтирди
Ла Лиганинг 23-турида «Вильярреал» ўз майдонида «Эспаньол»ни 4:1 ҳисобида енгди. Учрашув ғалати сценарийда кечди: 87-дақиқагача ҳар икки жамоа дарвозаси томон аниқ бор-йўғи учта зарба йўллаган бўлса-да, таблодаги ҳисоб 4:0 эди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ўйин бошида меҳмонлар Доланнинг чап қанотдан узатмасидан сўнг Омар эл-Хилали саккиз метр масофадан дарвозани ишғол қилди, бироқ ҳужумдаги қоида бузилиши қайд этилиб, гол бекор қилинди. 35-дақиқада «Вильярреал» ҳисобни очди: чапдан узатилган тўпни Бюкенен узоқ устун ёнида ортга оширди, Микаутадзе эса айланган ҳолда зарбаси билан тўпни ўнг юқори бурчакка жойлади — 1:0. Орадан кўп ўтмай Молейро жарима майдонига ёриб кириб пас узатди, Салинас тўпни қайтараман деб ўз дарвозасига йўллаб қўйди — 2:0.
Иккинчи бўлим бошида Молейро марказдан Пепега узатма берди, ҳужумчи жарима майдонига кириб бориб 15 метрдан пастдан аниқ зарба билан фарқни учтага чиқарди — 3:0. 55-дақиқада эса Молейро Микаутадзеден пас қабул қилиб, 12 метрдан узоқ бурчакка аниқ тепди — 4:0. Якунда «Эспаньол» битта тўп билан жавоб қайтарди: бурчак зарбасидан кейин Кабрейра бош билан ҳисобни 4:1 кўринишига келтирди.
Бу ғалаба «Вильярреал»га турнир жадвалида учинчи ўриндаги «Атлетико»га етиб олиш имконини берди. «Эспаньол» эса кетма-кет тўртинчи мағлубиятидан сўнг олтинчи поғонада қолди.