Розенёр Челси Лидсга дурангни совға қилди деди
«Челси» бош мураббийи Лиам Розенёр АПЛнинг навбатдаги турида «Лидс»га қарши ўйинда қўлдан бой берилган ғалабадан сўнг фикр билдирди. Учрашув 2:2 ҳисобида якунланди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Лондон клуби 24-дақиқада Жоао Педронинг, 58-дақиқада эса Коул Палмернинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Бироқ меҳмонлар 67-дақиқада Лукас Нмеча, 73-дақиқада эса Ноа Окафор томонидан киритилган голлар билан ҳисобни тенглаштирди.
Розенёрнинг айтишича, барчасини олти дақиқа ичидаги икки эпизод ҳал қилиб юборган: «Биз бу ўйинда ғалаба қозонишимиз шарт эди, аммо айнан шу икки вазият сабаб икки очкони йўқотдик. Аслида дурангни «Лидс»га ўзимиз совға қилдик», — дея унинг сўзларини BBC келтиради.
Мутахассис жамоа учрашувнинг ўша қисқа бўлагидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам рақибдан устун бўлганини таъкидлади. «Футболда ҳал қилувчи вазиятларда хато қилсанг, ҳар нарса бўлиши мумкин. Бундай ҳолат такрорланмаслиги учун айрим жиҳатларни футболчилар билан албатта муҳокама қиламан», — деди у.
26 турдан сўнг «Челси» АПЛ жадвалида 44 очко билан бешинчи ўринда бормоқда.