Тошкентда ҳарорат пасайгани сабаб ҳаво сифати ёмонлашди
Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаво ҳарорати пасайиши ортидан атмосфера ҳолати ҳам ёмонлашди. “Ўзгидромет” маълум қилишича, 28 февралдан бошлаб мамлакат ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб кела бошлагани фондида пойтахт атрофида шамол деярли сезилмаяпти.
Мутахассислар таъкидлашича, кечаси +3…+5 даража, кундузи эса +11…+15 даража атрофида кузатилаётган кескин фарқ эрталабки туман ва ҳарорат инверсияси юзага келишига сабаб бўлмоқда. Яъни салқин ҳаво пастда “қотиб” қолади, юқори қатламда эса нисбатан илиқ ҳаво сақланиб, ҳаво айланиши сусаяди.
Ана шу метеорологик ҳолат туфайли ерга яқин қатламда ҳаво алмашинуви секинлашган. Натижада ифлослантирувчи моддалар тез тарқалмай, шаҳар устида “тўпланиб” қолмоқда. Шу сабаб ҳозирда Тошкент шаҳри ва вилояти ҳавосида майда заррачалар — PM2.5 ва PM10 миқдорининг ошиши қайд этилмоқда.
Яхши хабар ҳам бор: синоптиклар эртадан бошлаб ёғингарчилик кутилаётганини айтмоқда. Бу эса ҳаводаги чанг ва майда заррачаларни “ювиб тушириб”, ҳаво сифати кўрсаткичларини яхшилаши мумкин.