Сариосиёда марихуана олиб ўтишга уриниш фош этилди
Ўзбекистон божхона ходимлари томонидан мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга қарши қатъий кураш давом эттирилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятида навбатдаги қонунбузарлик ҳолатига чек қўйилди.
Вилоят божхона бошқармасига қарашли "Сариосиё" темир йўл чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган юк поезди белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди. Текширув жараёнида божхоначиларга махсус ўргатилган хизмат ити яқиндан ёрдам берди.
Хизмат ити ёрдамида поезд таркибидаги вагонлардан бирининг таг қисми кўздан кечирилганда, божхона назоратидан хуфёна тарзда яширилган шубҳали буюм борлиги маълум бўлди. Рангсиз полиэтилен идишга жойланган ушбу модда марихуана эканлиги тасдиқланди.
Топилган гиёҳвандлик воситаси махсус тарозида ўлчаб кўрилганда, унинг оғирлиги идиши билан биргаликда 113,9 граммни ташкил этди. Қонунбузарлар ушбу усул орқали тақиқланган моддани мамлакат ичкарисига олиб киришга уринган.
Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш ва қонуний чора кўриш бўйича тегишли ишлар давом этмоқда.