Ўзбекистон томонидан Эронга ёрдам етказиб берилди
Ўзбекистон ҳукумати томонидан Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати расман хабар қилди.
Маълум қилинишича, гуманитар юк таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, ун, гуруч, шакар, макарон турлари, кунгабоқар ёғи, турли консервалар, шунингдек, дори-дармон воситалари ва тиббий анжомлар киритилган бўлиб, улар Эрон томонига етказилган.
Инсонпарварлик юкини қабул қилиш маросимида Дарегаз шаҳри ҳокими Мужтабо Базмара, Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Хуросон-Разавий вилоятидаги ваколатхонаси раҳбари, вазир маслаҳатчиси Али Масумифар, шунингдек, Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мужтабо Рузбеҳани иштирок этди.
Тадбир давомида мутасадди расмийлар Ўзбекистон Президентига инсонпарварлик ёрдами учун ҳамда Эрон халқига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун самимий миннатдорлик изҳор этишди.
Шунингдек, мазкур ташаббус икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг ёрқин намунаси экани алоҳида таъкидланди.