Эрондаги мактаб бомбаланишида АҚШ масъулияти ошкор қилинди
Фото: EPA
Эроннинг Миноб туманидаги Шажарайи Тоййиба бомбаланиши оқибатида камида 170 нафар бола ва ўқитувчи ҳалок бўлди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Amnesty International ушбу ҳодисада АҚШнинг масъулиятлилиги устидан жиддий хавотир билдирди.
Баёнотда таъкидланишича, асосан болалар ўлимига сабаб бўлган ушбу ҳужумда Қўшма Штатлар ҳарбийлари Tomahawk ракетасидан фойдаланган. Amnesty International сунъий йўлдош тасвирлари, видеоёзувлар ва экспертларнинг фикрлари асосида бу хулосага келган.
Ташкилот фикрига кўра, мазкур ҳодиса Қўшма Штатлар қўшинларининг тинч аҳоли вакилларига зарар етмаслиги учун зарур чораларни кўра олмаслигини кўрсатади ва бу халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий равишда бузилиши ҳисобланади. Эҳтимолий ҳарбий жиноятни содир этган шахслар жавобгарликка тортилиши керак.
Amnesty International вакили Эрика Гевара-Росас ушбу ҳужумни АҚШ разведкаси учун шармандали ҳолат деб атади. Al Jazeera телеканали эса АҚШ ва Исроил Эронга кенг кўламли ҳужумлар амалга ошираётгани, халқаро ҳуқуқни эътиборсиз қолдираётганига эътибор қаратди.
Пит Ҳегсет журналистлар билан учрашувда АҚШ ҳаво кучининг тарихдаги энг даҳшатли ва аниқ кампанияни амалга ошираётганини ва фақат ғалаба учун ҳаракат қилаётганини билдирди.
АҚШ жамоатчилиги ва Демократик партия вакиллари ҳужум оқибатидаги болалар ўлимидан келиб чиқиб Оқ уйдан аниқ тушунтириш талаб қилмоқда. Аммо ҳозирча расмийлар текшириш ўтказилишини айтиш билан чекланмоқда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ушбу ҳолатни тезкор, холис ва ҳаққоний тарзда тафтиш этишни талаб қилди.
Эрон давлат матбуоти АҚШ ва Исроил амалга оширган ҳужумда 7–12 ёшдаги 180 га яқин ўқувчи қиз ҳалок бўлгани ва яна ўнлаб бола жароҳатланганини маълум қилди.
Таҳлилчилар фикрига кўра, Эрондаги бегуноҳ ўқувчиларнинг бомбаланиши халқаро ҳуқуқ нормалари ва давлатнинг қудрати ўртасидаги иккиюзламачиликни намойиш этди, бу ҳодиса глобал ҳамжамият учун жиддий сигнал ҳисобланади.