Эрон зарбалари Исроил жанубида жиддий талофатлар келтирди
Фото: Reuters / Димонага ҳужум оқибатлари.
Исроилнинг жанубий ҳудудларида жойлашган Димона ва Арад шаҳарлари Эрон томонидан йўлланган ракета зарбалари оқибатида жиддий жабр кўрди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу ҳужум натижасида қарийб 90 нафар инсон турли даражада жароҳат олган. Улар орасида оғир аҳволда бўлганлар ҳам бор — камида 10 киши, жумладан беш ёшли қизалоқнинг ҳолати ташвишли экани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, ҳужумлардан асосий мақсад сифатида Исроилнинг ядровий инфратузилмаси кўрилган. Бироқ Димонадан тахминан 10 километр ва Араддан 30 километр масофада жойлашган Ядро энергетикаси илмий-тадқиқот маркази жиддий зарар кўрмагани қайд этилди. Бу эса эҳтимолий катта фалокатнинг олди олинганини англатади.
Шу билан бирга, Халқаро атом энергетикаси агентлиги вазият кескинлашмаслиги учун томонларни «максимал ҳарбий вазминлик»ка чақирди. Мутахассислар фикрича, бу каби ҳужумлар ядровий хавфсизлик нуқтаи назаридан жиддий таҳдид туғдириши мумкин.
Ҳужумлар оқибатида Димона ва Арад шаҳарларидаги кўплаб турар жой биноларига зарар етган. Айрим уйлар вайрон бўлган, инфратузилма объектларига ҳам жиддий шикаст етгани хабар қилинмоқда.
Times of Israel маълумотига кўра, Исроил мудофаа армияси Эрон томонидан учирилган икки ракета нега уриб туширилмаганини аниқлаш юзасидан махсус текширув бошлаган. Ҳарбий мутахассислар таъкидлашича, бундай турдаги ракеталар одатда юзлаб килограмм портловчи моддага эга бўлиб, катта вайронагарчилик келтириб чиқаради.
Шунингдек, Исроилнинг фронторти қўмондонлиги ҳам ҳодиса юзасидан алоҳида текширув ўтказмоқда. Унда ўнлаб инсонлар жароҳатлангани ва катта миқдорда моддий зарар етказилгани ўрганилмоқда.
Маълумотларга қараганда, шанба куни тонгдан буён Эрон Исроил ҳудудига камида саккиз марта ракета зарбасини амалга оширган. Бу эса вазиятнинг кескинлашиб бораётганини кўрсатади.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса ушбу ҳужумларга жавобан қатъий позиция билдирди. Унинг таъкидлашича, мамлакат душманга қарши барча фронтларда кучли ва тизимли зарбалар беришда давом этади. Шу билан бирга, у шанба оқшомини Исроил келажаги учун олиб борилаётган кампаниядаги энг оғир ва синовли кечалардан бири сифатида баҳолади.
Ҳозирча вазият юқори даражада таранг бўлиб қолмоқда. Муттахассислар бу можаро янада кенгайиб кетмаслиги учун дипломатик йўллар орқали ечим топиш муҳимлигини таъкидлашмоқда.