Мудофаа вазири ўринбосари нукуслик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси хонадонида
Кеча, 3 март куни Ўзбекистон мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев Шимоли-ғарбий ҳарбий округига хизмат сафари давомида Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Назарбой ота Тожибоев хонадонида меҳмон бўлиб, нуроний ҳолидан хабар олди.
Назарбой отадан олдин урушга унинг катта акаси Сапарниёз боради. У Сталинграддаги аёвсиз жангларда қатнашади. Ўша жангларда фашистларнинг қўмондони генерал Паулюс қўлга олинади.
Эсингизда бўлса, киноларда кўрсатилган жанглардан бирида универмаг биносидан қўлларини кўтарганча “енгилмас” деб тан олинган генерални совет иттифоқи аскарлари қувиб чиқаришади. Ҳа, бу ўша генерал Паулюс, энг даҳшатли фашист қўмондонини қўлга олиш жараёни эди. Кейинчалик Сапарниёз ота Ленинград мудофааси жангларида иштирок этаётган вақтда душман зарбидан оғир тан жароҳати олиб, 1944 йилда урушдан қайтади.
Назарбой отанинг дадаси Исмоил Тожибоев ҳам Иккинчи жаҳон урушида жанггоҳларда фашизмга қарши фидойиларча курашади. Аммо ғалаба кунигача етиб келмайди. 1944 йилда, уйга қайтиш чоғида Исмоил ота Орол денгизи орқали келаётган кемада жон беради. Яқин қариндошлари билан охирги марта кўришиши учун унга атиги бир неча соат вақт етмайди…
1942 йилнинг 22 июнь куни Назарбой отанинг ўзи фронтга отланади. У қуруқликдаги қўшинлар полки таркибида Ржев тагидаги Бряншинадаги жангларда душман билан мардонавор курашади. Отахон жангларда бир неча бор яраланади, аммо уйига эсон-омон қайтади.
Отахон урушдан қайтгач, 1951 йилда Нукус педагогига институтининг рус тили ва адабиёти факультетида таҳсил олади. 1956 йилдан 1992 йилгача “Қорақалпоғистон” ва “Билим” нашриётларида фаолият олиб борди. Шу даврда турмуш ўртоғи Базар ая Саимбетова билан 10 нафар болани эл корига ярайдиган инсонлар этиб тарбиялашди.
Ўз ҳаётини илм-фан ва маърифатга бағишлаган устоз уруш йилларидаги хотираларини ҳам кўплаб босма нашрларда чоп этган. Назарбой отанинг уруш йилларида кўрсатган қаҳрамонлиги бугун ҳам газета ва журналларда турли мақолалар орқали ўсиб келаётган ёш авлодга етиб келмоқда.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи, сенатор Шароф Уснатдинов, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва аскарларнинг ташрифидан кексаликдан нутқ равонлигини йўқотган отахоннинг маъюс нигоҳи-ю, юзларидаги табассумдан кўнгли тоғдек кўтарилганини сезиш мумкин эди.
Меҳмонлар билан суҳбатда отахон қўлини дуога очиб, “Ҳеч вақт уруш кўрманглар, уруш бўлмасин…” дея бир неча бор такрорлади. Дарвоқе, урушни кўрган инсонлар тинчликнинг ҳар лаҳзасини ўзгача ҳис этишади, ўзгача қадрига етади.
Ҳадемай яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан Назарбой отага қимматбаҳо совғалар топширилиб, уруш қатнашчисига диққат-эътибор билан қараб келаётган оила аъзоларига раҳмат айтилди. Бугунги тинчлик ва осойишталигимиз учун урушда фашизмга қарши курашган отахонга миннатдорчилик билдирилди.
Назарбой ота Тожибоев истиқомат қилаётган маҳаллада Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан куйланган Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги қўшиқлар маҳалла аҳлига ҳам байрам шукуҳини ҳадя этди.