Тошкентда 110 минг қути ноқонуний тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди
Тошкент шаҳридаги заводлардан бирида божхона ходимлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 110 минг қути тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди. Маълум бўлишича, махсус печларда ёқиб юборилган ноқонуний тамаки маҳсулотлари тезкор тадбир чоғида Сирдарё вилоятидаги яшаш хонадонларининг бирида аниқланган. Маҳсулотларнинг умумий қиймати 1,2 миллиард сўмни ташкил атади. Ушбу жиноятни содир этган фуқаро 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
АҚШдаги Жорж Мейсон Университети томонидан ўтказилган изланишлар натижасига кўра, айнан ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси халқаро жиноий гуруҳлар ва террорчилик ташкилотларини асосий молиявий манбаларидан бири ҳисобланар экан.
Одатда Ўзбекистонга ноқонуний тамаки маҳсулотлари республикадаги географик мураккаб анклав ҳудудлар орқали, дарё ёки тоғли ҳудудлар орқали олиб кирилади. Бу ўз навбатида бошқа турдаги ноқонуний маъсулотларни ҳам республикага кириб келишига замин яратади. Ноқонуний тамаки олиб кирилган йўлдан бемалол наркотик моддалар ёки қурол-яроғ ҳам олиб кириш мумкин бўлади.