Илмий ташкилот ходимларининг иш ҳақи 2 баробарга оширилади
Айни пайтда хоразмлик сайловчилар билан учрашув ўтказаётган президентликка номзод Шавкат Мирзиёев келгуси йилларда илмий ташкилот ходимларининг иш ҳақи 2 баробарга оширилишини маълум қилди.
«Иқтисодиётнинг энг тез ўсиб бораётган йўналишларида амалий тадқиқотларни кучайтириб, ʼкорхона – олийгоҳ – илмий ташкилотʼ кластер тизимини фаол қўллаб-қувватлаймиз», — дейди Мирзиёев.
Қайд этилишича, келгуси етти йилда амалий тадқиқотларга давлат томонидан 4 триллион сўм, тармоқлар ва хусусий сектор томонидан ҳам яна шунча маблағ йўналтирилади. Шунингдек, Инновация жамғармасига 5 триллион сўм ажратилиб, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.
Бундан ташқари, тил ва адабиёт, тарих, археология, маданият каби йўналишлар бўйича алоҳида илмий-тадқиқот дастурларини қабул қилинади. Натижада ушбу мақсадларга келгуси етти йилда 2 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.