Дохадаги Араб ва Осиё давлатлари савдо кўргазмасида Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди
Қатарда бўлиб ўтаётган футбол бўйича Осиё кубоги доирасида Доха шаҳридаги «Lusail Boulevard» марказий майдонида Араб ва Осиё давлатлари савдо кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Мазкур тадбирда 24 мамлакат корхоналари ўз маҳсулотлари билан иштирок этяпти. Кўргазмада мамлакатимизнинг Қатардаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон миллий стенди ҳам ташкил этилган.
Тақдимотда маҳаллий кимё, фармацевтика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва туристик салоҳияти тўғрисидаги видеолавҳалар намойиш этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Араб ва Осиё давлатлари савдо кўргазмаси жорий йилнинг 10 февраль кунига қадар давом этади.