Осиё Кубоги: корейслар “На кулишни на йиғлашни билмайман” деган ўйин намойиш этди
«Е» гуруҳида 3-тур ўйинлари қизиқ бўлди. Яъни жамоалар гуруҳ ғолиби бўлишни истамагандек ҳаракат қилди.
Жанубий Корея билан жанговар ўйин намойиш этган Иордания Баҳрайнга ютқазиб, гуруҳда 3-ўринни эгаллади.
Малайзия устидан осонгина ғалаба қозониши кутилган Жанубий Корея ўйин давомида ҳисобда ортда борди (1:2). 83-дақиқада эса Ли Канг-Ин жарима зарбасидан чиройли гол урди ва ҳисобни тенглаштирди.
Кореяга мағлубият ярашмасди, аммо уларни дуранг ҳам қаноатлантирарди. Аммо 90+4-дақиқада ВАР Малайзия дарвозасига пенальти белгилади. Сон Хёнг Мин вазиятни голга айлантирди (ҳамма қараб турганида гол урмаслик ғалати эди-да!).
Аммо, лекин, бироқ… иккинчи таймга қўшиб берилган 15-дақиқада малайзиялик Моралес томонидан 16 метрлардан йўлланган кучсиз зарбани Жанубий Корея посбони ўтказиб юборди (бемалол қайтарса бўларди) — 3:3.
Натижада «F» гуруҳида Баҳрайн биринчи, Жанубий Корея эса 2-ўринни эгаллади. Оқибатда 1/8 финалда Японияга Баҳрайн тўқнаш келса, кореяликлар қўшнисидан қочиб қолиб, «F» гуруҳи ғолибига қарши майдонга чиқадиган бўлди.
Гуруҳда учинчи бўлган Иордания эса Қатар ёки Ироқ билан тўқнаш келади.